Компьютернинг зарари ва фойдаси

Компьютернинг зарари ва фойдаси

16713
07 Июнь, 2016
(6 голосов)

Бугунги кунда, процессор блокининг эшитилар-эшитилмас ғўнғиллаши эшитилиб турмайдиган, компьютер ёки ноутбукнинг юмшоқ нур сочиб турадиган монитори йўқ бўлган хонадонни учратиш мушкул. Агар илгари, бу «ақлли машиналар»дан фақат иш учун фойдаланилган бўлинса, ҳозирги кунда интернет туфайли, унга инсон ҳаётининг барча жабҳалари: касбий фаолият, ўқиш, дўстлар ва яқинлар билан мулоқот, кўнгил очиш ва ҳордиқ ҳам бўйсунган. Бу яхшими, ёмонми – хулоса қилиш қийин: аслида бу – кундалик ҳаётимиз, ундан ҳеч қаерга қочиб қутула олмаймиз.

Мақола мундарижаси:

• Компьютернинг зарари
• Компьютернинг фойдаси
• Компьютерда ишлаш қоидалари

Шунга қарамай, компьютер дўст ва ёрдамчимиз ҳам, душманимиз ҳам бўла олади – ҳаммаси ундан фойдаланиш вақтимиз ва мақсадимизга боғлиқ. Электр токидан зарарланиш ёки электромагнит нурланишдан хавфсирайдиган мосламалар замони аллақачон ўтиб кетган, бироқ улардан фойдаланишда жисмоний ёки рухий шикастланиш хатари ҳанузгача ўша-ўша. Шубҳасиз, компьютердан оқилона чегаралар доирасида фойдаланилса, у минимал зарар ва жуда катта фойда келтириши мумкин. Аксинча бўлса – компьютернинг зарари ниҳоятда долзарб муаммога айланади.

Компьютерлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган

Зарари

Компьютернинг зарари

Компьютернинг ҳисобот ёзиш, имтиҳонга тайёрланиш ёки шунчаки қизиқарли ўйин ўйнаб бўш вақтни ўтказиш учун зарурлигидан қатъий назар, монитор олдида жуда кўп вақт ўтириб қолиш – нафақат саломатлигимиз, балки бутун ҳаётимизнинг сифат кўрсаткичида салбий акс этиши мумкин.

Компьютерда ишлаб ўтиришда организмни зўриқтириш хавфи

Замонавий ускуналардан олинадиган зарар қуйидагилардадир:

• Ортиқча ёруғлик, кўринмас бўлса-да, монитор ойнасидаги шуълалар ва тасвирнинг ўчиб-ёниши кўзни ҳаддан зиёд таранглашувига сабаб бўлади. Бундан кўз гавҳарининг мускуллари зўриқиб, кўриш қобилияти кундан-кунга сусайиб боради, «толиққан ва қуруқ кўз» синдроми вужудга келади. Буларнинг барчаси келгусида катаракта каби хафвли касалликни келтириб чиқаради.

• Компьютерда ишлашда кўз мушакларининг узоқ вақт давомида таранглашиб туриши, ҳамда тасвирларнинг тез-тез алмашинуви, аксарият холларда, толиқишга, бош оғриқларига ва уйқусизликка сабаб бўлади.

• Турли хилдаги ахборотнинг кераклигидан ортиғи бош мияни ўта асабийлаштириб, бош мия қобиғидаги кўриш марказлари толиқади.

• Бир жойда қадалиб, узоқ вақт ўтиришда, бел мушакларига ва умуртқа суяклари орасидаги дискларга ортиқча оғирлик юклатилади, бунинг оқибатида, ўсмирларда – сколиоз, катталарда эса – остеохондроз, кучли бош оғриқлари ва, ҳатто, невралгия каби касалликлар вужудга келади.

• Бармоқ ва қўл панжаларининг клавиатурада ишлаш давомидаги бир хил ҳаракатидан билакнинг тоннел синдроми: кучли оғриқлар, қўл панжалари ва бармоқларнинг увушиб қолиши, санчиб оғриши, ҳаракатнинг оғирлашуви ва керкиш ҳолатларига олиб келади.

• Компьютер олдида узоқ ўтириш: гиподинамия, руҳсизлик кайфияти, умумий лоҳаслик, паришонхотирлик ва иммунитетнинг пасайиб кетишига сабаб бўлади.

• Компьютерда ишлаб ўтирадиганларнинг яна бир кенг тарқалган муаммоси – бавосил, у тос суяги атрофида қоннинг айланмай қолиши ва қон томирларининг ҳаддан зиёд зўриқишидан пайдо бўлади.

• Мулоқот ва кўнгилхушлик учун интернетдан ҳаддан ташқари фойдаланиш кучли қарамликка (мутеликка) олиб келади. Виртуал ҳаёт аста-секин реал воқеликнинг ўрнини эгаллаб, яқинлар ва дўстлар билан мулоқот тобора қизиқтирмай қолиб, одатий қадриятлар ва интилишлар ўз маъносини йўқотиб қўяди.

• Компьютердан назоратсиз фойдаланиш болалар учун ҳам хавфли: интернетдаги номаъқул (беадаб сўкишлар, порнография ва ҳ.к.) ахборотларнинг чексизлиги жиддий салбий оқибатларга – турли хилдаги руҳий оғишлар ва ҳ.к.ларга олиб келиши мумкин.

Сидячая работа приводит к проблемам с осанкой

Компьютер ва ноутбукларнинг жисмоний соғлиқ ва руҳиятга салбий таъсир этиши аён. Бироқ улар билан ишлашда муайян қоидаларга риоя этилса, бу зарарнинг сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлиш мумкин.

Фойдаси

Компьютернинг фойдаси

Алабатта, компьютернинг фойдасини инкор этиш бефойда. Олимлар бир неча ўн йиллар давомида мураккаб электроника устида бош қотирганликлари учун, у йилдан йилга такомиллашиб бормоқда.

«Ақлли машиналар» одамларни мутаассиб ишлардан озод қилдилар

Ҳозирги кунга келиб, компьютернинг шубҳасиз афзалликларини қуйидагича баҳолаш мумкин:

• Махсус компьютер дастурлари ёрдамида иш жараёнини максимал даражада оптималлаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконияти мавжуд.

• Компьютер ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа зарур ахборотларни сақлаш учун ишончли жой хизматини бажаради.

• Глобал тармоқ турли хилдаги маълумотларни тезкор излаб топишга имконият бериб, бу ўз навбатда, иш, ўқиш, ҳордиқ ва дунёқарашни кенгайтириш учун жуда қулайдир.

• Компьютер чексиз кўнгилочар манбаси бўлиши мумкин: интернет туфайли севимли мусиқа, фильм ва ўйинлар томон элтувчи эшик ҳамиша очиқ.

• Махсус хизматлар ёрдамида дўст ва яқинлар билан исталган вақтда, дунёнинг турли чеккасидан туриб мулоқот қилиш мумкин.

Ҳозирги замон жўшқин ҳаётида компьютерлар бетакрор ёрдамчиларга айландилар

Фойдаланишдаги қулайлиги, кўп функционаллиги, ахборотни сақлаш ва ишлов беришдаги чексиз имкониятлари – компьютернинг бугунги кун жамиятининг ажралмас қисмига айлантирган асосий сабаблари. Бироқ ҳаётнинг диққат-марказида фақат компьютер бўлиб қолмаслиги лозим, акс ҳолда, оқибатлари жуда ачинарли бўлади.

Тавсиялар

Компьютерда ишлаш қоидалари

Монитор билан ишлаш давомида кўзлар жуда зўриқади, шу сабабдан, уларга зарур ҳордиқ бериб туриш керак.

Компьютердан самарали фойдаланиш, ҳамда, ўзингиз ва яқинларингиз соғлиқларини саломат сақлаш учун бир-нечта оддий қоидаларга риоя қилишингиз тавсия этилади:

• Кўзларнинг зўриқишини камайтирувчи замонавий кенг ўлчамли мониторлардан, қулай ясси клавиатурадан, шинам офис стулларидан фойдаланиш. Саломатлигингиз ва, айниқса, кўзларингиз учун зарарли бўлган эскирган электрнурли мониторлардан воз кечинг.

• Агар янги монитор ҳарид қилганингиздан сўнг, саломатлигингиз ёмонлашганини – бош оғриқлари, кўз босими ва асабийлашиш каби белгиларни сезсангиз, уни нотўғри мослаган бўлишингиз эҳтимолдан холи эмас. Монитордаги рангли тусларни тўғри мослаштириш ниҳоятда муҳимдир, айниқса, ҳаворанг ва қилиз спектрларни.

• Мониторни ёритиш манбасига нисбатан 90° да жойлаштириш лозим, шунда шуълалар бўлмайди.

• Компьютер олдида тўғри жойлашиб ўтиришингиз лозим – мутахассислар ундан 50-70 см масофада бўлишни тавсия этадилар: бел ва бўйин текисланиб, елкалар бўш қўйилиб, оёқлар полда ёки махсус тиркакларда қулай жойлаштирилиши, монитор кўз нигоҳи билан бир хил даражада бўлиши, қўл ва билаклар бир текисда жойлаштирилиши лозим. Шунда, бўйин ва билаклардаги таранглик бўшаганини сезасиз.

• Меҳнат ва ҳордиқ тартибининг тўғри тузилиши. Иш давомида, ҳар соатда, албатта, танаффус қилиб туриш керак. Бунда телевизор кўрмаслик ва компьютердан умуман фойдаланмаслик муҳимдир. Ҳордиқнинг энг оптимал кўриниши – ўтириб-туриш, юриш, қўл панжалари, кўз ва умуртқа поғонаси учун махсус машқлар бажариш.

• Ҳар куни, жуда бўлмаганда, бир соат тоза ҳавода сайр қилиш ва жисмоний машқлар бажариш лозим.

• Болаларнинг компьютердан фойдаланишини қаттиқ назорат қилиш: ёш болалар учун ундан фойдаланиш вақти бир кунда 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Бу ерда, компьютерга ота-она назоратини таъминловчи махсус мосламани ўрнатиш лозим.

• Ҳафтада, иложи борича, бир-икки кун компьютердан умуман фойдаланмаслик даркор. Ўзингизни ортиқча ахборотдан холис қилишга ҳаракат қилинг, зеро, «ахборот чиқиндилари» хотирага салбий таъсир кўрсатади.

• Имкон даражада, витамин ва минералларга бой озуқа маҳсулотлари билан овқатланинг. Кўз ва бўғинларнинг нормал иш фаолиятини таъминлаб туриш учун витамин А ва кальцийга бой маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш зарур. Бута (черника) меваси, ўти ва унинг турли қўшимчалари кўриш аппаратини нормада сақлайдиган моддаларга бойдир.

• Кўзларни зўриқтирмаслик учун мажбурий равишда қуйидаги машқларни бажариш лозим: айлана бўйлаб кўзларни ҳаракатга келтириш, ўнгга-чапга, узоқ ва яқинга қараш. Кўзга ўтлар дамламаси, чой ва сутдан малҳам қўйиш мақсадга мувофиқдир. Кўз толиққанлигини бартараф этиш учун иссиқ-совуқ компресслар қилиш, бир неча сонияга муз бўлакчаларини қўйиб туриш фойдалидир.

• Шунингдек, компьютер учун, бугунги кунда ҳар хил кўриниш ва қийматда мавжуд бўлган, махсус кўзойнакларини харид қилиш мумкин.

Кўзлар учун мустақил массаж қилиш мумкин

Бугунги кунда компьютерларсиз турмушимизни тасаввур қилишимиз мушкул. Агар ўз саломатлигимизни ўйлаб, ундан фойдаланишни мантиқий чегаралаб қўйсак, бу ақлли мосламадан зарардан кўра, кўпроқ фойда олишимиз аниқ.

Манба: vredpolza.ru/obraz-zhizni/item/93-vred-i-polza-kompyutera.html

Изоҳни қўшиш


Captcha
Янгиланиш