Қандай қилиб тиш оғриғини тез қолдириш мумкин?

Қандай қилиб тиш оғриғини тез қолдириш мумкин?

109670
14 Сентябрь, 2016
(11 голосов)

Ўткир тиш оғриғига кўп ҳолларда ички ҳароратнинг ортиши, кариес, тиш нервисининг очилиб қолиши ва милкларнинг шишиши оқибатида оғиз бўшлиғининг шамоллаши сабаб бўлади.

Оғриқни қолдириш учун ҳалқ табобат усулларини қўллаш мумкин.

Халқона даволлаш усуллари

Агар уйдаги тиббиёт қутичангиз бўш бўлса, ва қайсидир сабабга кўра аптекага бора олмасангиз ёки оғриқни қолдирувчи дориларни қўллашда сизда жиддий муаммо ёки қарши кўрсатмалар бўлса, тиш оғриғини қолдириш учун ҳалқ табобатидан фойдаланиш мумкин (http://adento.ru/340-zubnaya-bol-kak-ubrat-oblegchit-uspokoit-ili-ostanovit.html). Биринчи навбатда, турли халқона оғиз чайиш воситалари киради. Агар дастлабки босқичда чайқашни оғиз бўшлиғини яхшилаб тозалаш учун ишлатган бўлсангиз, оғриқни қолдириш учун чайқашни ҳар 15-20 дақиқада такрорлаб туриш зарур. Чайқаш учун озуқа содаси, ош тузи ёки денгиз тузидан фойдаланиш мумкин. Эритмани тайёрлаш учун бир стакан илиқ сувга юқорида санаб ўтилган моддалардан бирортасини бир чой қошиқ миқдорида солинади. Чайқаш воситасининг антисептик хусусиятларини кучайтириш учун эритмага беш томчи йодни томизиш мумкин. Шунингдек оғриқни мойчечак, календула, маврак (шалфей), ялпиз ва игир (аир) томири дамламаси ҳам яхши қолдиради. Чиннигул, ялпиз ва чаканда мойини ҳам ишлатиш мумкин. Бунинг учун пахтали тампонга юқорида айтилган мойлардан бири шимдирилади ва оғриган тишга қўйилади. Шунингдек, кичкина юмалоқланган тампон кариес ковагига қўйилиши мумкин. Худди шу тарзда тиш оғриғига қарши махсус дори томизғилари (капли)ни  ишлатиш мумкин.

  

Уй шароитида тиш оғириғини қолдириш

Маҳаллий “оғриқни қолдирувчи” малҳам сифатида коньяк, ароқ ёки таркибида спирт мавжуд бўлган аччиқ ичимликларни ишлатиш мумкин. Бироқ ушбу воситалар билан фақат оғизни чайиб, туфлаб ташлаш лозим, уларни ичга ютиш мақсадга мувофиқ эмас. Чайиш давомида алкоголнинг маълум бир қисми милк тўқимасига сўрилади, милк увушади ва сиз вақтинча оғриқдан халос бўласиз. Прополис (асалари елими, уяси) ҳам оғриқни қолдирувчи ҳисобланади. Унинг таъсири новокаиннинг таъсирига ўхшайди. Спиртли эритма ёки пластинкали моддани ишлатишимиз мумкин. Спиртли эритма билан милкнинг оғриган жойини артинг, сўнгра шу эритма ёрдамида оғизни яхшилаб чайқаб, кетидан мазкур эритмани пахтага шимдириб оғриган жойга қўйилади. Пластинкали прополисни ишлатган тақдирда, оғриган тишингизда агар ковак мавжуд бўлса, ковакни прополис билан ёпиш зарур. Агар коронка (қоплама)си ёки пломба остидаги тиш оғриётган бўлса, прополисни оғриётган тишнинг тагига яъни милкка қўйиш керак. Бу тиш оғриғини қолдиришда жудаям яхши ва таъсирчан восита ҳисобланади, бироқ асал ёки асаларичиликнинг бошқа маҳсулотларига аллергияси бўлган беморлар уни қўлламасликлари лозим. Оғриган милк ёки тишни музлатиш мақсадида валокордин томчилари ҳам қўлланилади, у билан тампон шимдирилади ва оғриган тишга босилади, айрим ҳолларда эса оғриган жойга муз бўлаги ҳам ишлатилади, уни оғриган жойга суртишади. Аммо шуни унутмангки, юқорида санаб ўтилган барча усуллар вақтинчалик восита ҳисобланади. Оғиз бўшлиғи (тиш атрофида) яллиғланиш кучайган сари, оғриқни қолдириш қийинлашаверади, шунинг учун имкон қадар тезроқ стоматологга мурожаат қилиб, даволаш муолажаларини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Сўнгги бир неча кичик маслаҳатлар

Агар сиз оғриқни қолдирувчи препаратларни истеъмол қилмоқчи бўлсангиз, унда албатта, дорининг йўриқномаси билан танишиб чиқинг. Йўриқномада препаратнинг қўлланилишига қарши кўрсатмалар, истеъмол қилиш миқдори, унинг ножўя таъсирлари батафсил баён қилинган. Кўп ҳолларда оғриган тишга ҳар қандай анальгетик (масалан аспирин)ни қўйиб, оғриқни қолдириш мумкинлиги ҳақида маслаҳатларни эшитиб қоламиз. Буни қилиш қатъиян тавсия этилмайди. Сиз бу ҳаракатингиз билан усиз ҳам яллиғланган бўшлиққа инфекция олиб киришингиз ва яна оғиз шиллиқ қаватини аспирин билан куйдириб қўйишингиз мумкин. Оғриқ вақтида иситувчи муолажаларни қила кўрманг. Оғриган тишингизга иссиқ грелкани қўйманг, яноғингизни шарф ёки рўмол билан ўраманг, чайқаш учун тайёрлаган эритмангиз эса хона хароратидан бир оз баланд бўлиши лозим. Оғриққа иссиқлик орқали таъсир қилиш маълум бир енгиллик берса-да, унинг таъсири остида яллиғланган жойда микробларнинг фаоллашиши рўй беради, яллиғланиш жараёни янада кучаяди ва бу абсцесснинг ҳосил бўлишига олиб келади, шунингдек, яллиғланиш қўшни тўқималарга ўтиши мумкин.

 

Шунингдек, хитой массажини (нуқтали уқалаш усулини) ҳам қўллаш мумкин (http://www.jv.ru/news/bloghi_instruktorov/stanislav_roghachiev/28402-tochechnij-massazh-protiv-zubnoj-boli.html).

Тиш оғриғини камайтириш ёки ундан халос бўлишга ёрдам берувчи нуқталар:

  1. Хэ гу нуқтаси – кафтнинг орқа томони, бош ва кўрсаткич бармоқлар пардасининг ўртасида.
  2. Ле цюэ нуқтаси – билак суягининг юқори чеккасида. Агар кафтларни кўрсаткич ва бош бармоқлар ўртасидаги пардаларни бир бирига бирлаштирилган ҳолда кесиштирилса, бунда кўрсаткич бармоқ айнан шу нуқтани кўрсатиб туради.
  3. Тишлар суғурилганда уқаланадиган нуқта – қулоқнинг солинчаги жағга бирлашган жойда.
  4. Ся гуань нуқтаси – ёноқ суягининг пастки қирғоғи тагида, пастки жағ суягининг ошиқлари туташган жойда. У ерда кичик чуқурчани топиш мумкин.
  5. Да ин нуқтаси – пастки жағнинг қуйи чеккасида. Фикран пастки жағнинг бурчагидан горизонтал чизиқ тортсангиз, ана шу ерда нуқта мавжуд. Жағ мушаги тортилганда шу жойда чуқурча ҳосил бўлади.

 Ҳар бир нуқтани уч дақиқагача уқаланг.

Уқалаш йўли билан сиз оғриқни вақтинчалик қолдирасиз, бироқ кариес ёки шамоллаш жараёнини даволай олмайсиз. Шунинг учун ҳар қалай мутахассисга боришингизга тўғри келади.

Изоҳни қўшиш


Captcha
Янгиланиш