Ҳар доим ҳам аптекачиларга ишониш мумкинми?

Ҳар доим ҳам аптекачиларга ишониш мумкинми?

3089
14 Сентябрь, 2016
(0 голосов)

Бизда шундай одат борки (менимча, совет давридан қолган бўлса керак), ўзимизни мустақил даволашга ҳаракат қиламиз, яъни яқинларимиздан кимдир  бетоб бўлиб қолса, одатга кўра шифокор олдига бориб ўтирмасдан, дарҳол аптекага, тахминан ўзимиз чамалаб ёки бирор бир яқинимиз (танишимиз, дўстимиз, қариндошимиз)нинг маслаҳатига кўра керакли дориларни олиш учун югурамиз. Агар ўзимиз билмасак, аптекачининг бирор бир маслаҳат беришига умид қиламиз.

Айнан мана шу вақда эҳтиёт бўлиш зарур. Биринчидан, албатта, хасталигингиз бўйича тегишли шифокорга мурожаат қилиш яхшироқ бўлади, бироқ, афсуски агар сиз малакали шифокор танишингиз бўлмаса, бошқа шифокорга боришга оёғингиз тортмай туради.

Агар сиз шифокор маслаҳатисиз (ёки унинг кўрсатмаси билан) ҳар қалай даволанмоқчи бўлсангиз, дориларни харид қилишда ушбу препаратнинг аннотацияси (йўриқномаси)ни диққат билан (айниқса, ушбу дорининг айнан сизнинг хасталигингиз учун мўлжалланиши, ножўя таъсирларини) ўқиб чиқиш зарур.

Ўзимнинг тажрибамдан сўзлаб берай. Дадам невараси (менинг жияним) учун, ёдимда йўғ-у, хуллас қайсидир касаллиги учун мазь олиб келган эди. Харид қилган вақтида, у аптекачидан бу дорининг беш ёшли бола учун тўғри келиш ёки келмаслигини сўраган, аптекачидан ижобий жавобни олгач, харид қилган. Таъкидлаш лозимки, бу мазь анча қиммат дорилар туридан экан. Аммо, бу муҳими эмас (бироқ кимгадир дорининг нархи ҳам муҳим ўрин тутади). Яхшиямки, уйда уни қўллашдан аввал препаратнинг тавсияси билан яхшилаб танишиб чиқдик. Аниқланишича, бу дори 12 ва ундан катта ёшдаги ўсмирлар ва катта ёшдаги инсонлар учун мўлжалланган экан. Биз аптекага мазьни қайтариб бериш учун келганимизда, дадамга дорини сотган аптекачи (у аслида педиатрия институтининг талабаси бўлиб, дарсдан кейин дорихонада ишлар экан) бизга, ушбу дорининг аннотациясига қарамасдан уни кичик ёшдаги болаларга ҳам қўллаш мумкинлигини, буни уларга профессор домласи айтганлигини “оғзини кўпиртириб” исботлай бошлади. Ҳаттоки, қайсидир курсдошига қўнғироқ қилиб, унинг “тасдиғини” ҳам олди. Бизнинг, аннотацияда “12 ёш ва ундан катталар учун” деб ёзилгани ҳар қалай бекорга эмаслиги, тадқиқотчилар кўплаб тестларни ўтказиши ва агар, бирор бир ножўя (ҳоттоки энг кичик) таъсири аниқланган тақдирда ҳам, дори йўриқномасида айтилиши ҳақидаги далилларимиз ҳам уни ишонтира олмади. Ахир гап инсон ҳаёти устида кетмоқдаку?! Хуллас, ҳар қалай у пулимизни қайтариб берди.

Ва мана яқин орада, қизимнинг (2 ёшу 9 ойлик) АКДС эмлаш уколидан  сўнг унинг сонига суртиш учун Дикловит (Диклофенакнинг ўхшаш тури)ни харид қилиш вақтида, мен аптекачи қиздан мазьни 3 ёшли болага қўллаш мумкин ёки йўқлиги ҳақида сўрадим. У фойдаланиш мумкинлигини тасдиқлади. Ўзим шошгандан дори аннотациясини ўқиб кўриш ёдимдан чиқибди. Уйда дорини қўллашдан аввал, унинг йўриқномасини ўқиб чиққанимда, дорини  6 ёшгача болаларга қўллаш мумкин эмаслигини аниқладим.

Эҳтимол, юқоридаги ҳолатларда соғлиқ учун унчалик катта хавф бўлмагандир (бироқ, ким билади дейсиз?). Аммо бундай вазият жиддийроқ хасталикларда ҳам юз бериши мумкинку?! Шунинг учун эринмасдан дори йўриқномасини ўқиб чиқинг (ҳаттоки шифокор кўрсатмасидан сўнг ҳам)!

Изоҳни қўшиш


Captcha
Янгиланиш